Қўқоннинг машҳур жомеъ масжиди тарихи | Moziydan sado

30 Просмотры
Издатель
"Мозийдан садо" кўрсатуви
"Ўзбекистон тарихи" телеканали
Қўқон Фарғона водийсидаги энг қадимий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Унинг тарихи ҳақидаги илк ёзма маълумотлар милоддан олдинги II асрнинг бошларида бу ерга келган хитой сайёҳи Чжянь Цянь битикларида учрайди. У битикларида водийда Давань давлати борлиги, бу давлатнинг маркази, улуғвор шаҳар мавжудлиги хусусида ёзиб қолдирган. Қадимшунослар олиб борган тадқиқотлари асосида Давань давлатининг катта кентларидан бири Қўқон шаҳри ўрнида бўлганлигини аниқладилар. Кейинги йилларда археолог олимлар Қўқон шаҳри ва унга яқин жойларда олиб борган қазишма ишлари натижасида шаҳар остида олис тарихга оид маданий қатламларни топдилар. Буларнинг ҳаммаси шаҳарнинг ёши 2 минг йилдан кам эмаслигини кўрсатди. Қўқон шаҳри тарихи ҳақидаги ёзма маълумотлар араб манбаларида ҳам учрайди. Х аср сайёҳи ал-Истахрий “Китоб ал-масалик” асарида “Сўх ва Хуваканд, Хуваканд ва Ахсикент оралиғи бир кунлик йўл”, деб белгилайди. Муаллифи номаълум “Ҳудуд ул олам” асарида Хавоканд, Риштон, Зандаромаш экинзорлари кўп, гавжум шаҳарчалар, деб тилга олинади. Шаҳарнинг кейинги даврлар тарихи хусусида Жамол Қарши, Муҳаммад Вафо Карминагий ва XVII аср муаррихлари асарларида кўп маълумотлар мавжуд. Шаҳарнинг номи келиб чиқиши тўғрисида олимлар турли хил фикрлар билдирадилар. Баъзилари у “Хуркант” — тепаликдаги шаҳар мазмунини билдиради деса, бошқалари “Хўқан” — кичик кўза маъносини англатади, дейди. Айрим тадқиқотчилар эса “Хўканд” — ёқимли, хушманзара жой, латиф шаҳар мазмунидан келиб чиққан, деб баҳолайдилар. Нима бўлмасин, бу маълумотлар шаҳарнинг юртимиз қадим тарихида муҳим ўрин тутганлигидан далолат беради.
Қўқон қадимий меъморчилик иншоотларига, тарихий ёдгорликлар, обидалар, аждодлардан мерос бунёдкорлик намуналарига, осори-атиқаларга бой шаҳар. Бугунги кунда шаҳарда 60 дан ортиқ йирик тарихий, маданий ёдгорликлар сақланиб қолган. Уларнинг аксарият қисми XIX асргача бунёд этилган. Булар тарихий, маданий бойликлар сифатида эъзозланади. Аммо бу ёдгорликлар узоқ йиллар давомида эътиборсизликлар натижасида жиддий таъмир ва қайта қуришга муҳтож бўлиб қолганди. Шаҳарда, булардан ташқари, кўплаб иморатлар, маъмурий бинолар, турли ташкилотлар ва идоралар учун иншоотлар барпо этилган. Лекин улар ҳам вақт ўтиши билан маънавий эскириб, бугунги талаб ва эҳтиёжларга жавоб бера олмайдиган ҳолга тушган эди. Уларни реконструкция қилиш, янгидан қуриш, аввалги тор, эгри-бугри кўчалар ўрнида равон, кенг йўллар яратиш, умуман, шаҳарни обод ва гўзал тарзда барпо этиш ҳаётий заруратга айланганди. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 5 майда “Фарғона ва Қўқон шаҳарларини 2008-2012 йилларда реконструкция қилиш, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 2009 йилда Юртбошимиз Қўқонда бўлиб, шаҳар қиёфасини миллий ва замонавий меъморчилик анъаналаридан фойдаланган ҳолда ўзгартириш, такомиллаштириш ҳамда уни янада ободонлаштириб, юртимизнинг гўзал масканларидан бирига айлантириш юзасидан тавсиялар берди. Қарор ва тавсиялар асосида Қўқон шаҳрини ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш бўйича Давлат дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, энг аввало, шаҳардаги маданий мерос ёдгорликларини, қадимий обидаларни асл тарихий кўринишига, қиёфасига монанд тарзда қайта қуриш, таъмирлаш масаласига алоҳида эътибор берилди. Қисқа вақт ичида шаҳардаги ўндан ортиқ қадимий тарихий ёдгорликлар қайта қурилиб, тўла таъмирдан чиқарилди. Қўқон ўрдаси, Жомеъ масжиди, Норбўтабек, Камол қози, Миён ҳазрат мадрасалари, Эшонхон ҳаммоми сингари обидалар асл кўринишига монанд тикланди.
Айниқса, Қўқон ўрдаси, Жомеъ масжиди тарихий қиёфасига мос равишда қайта қурилди. Ўрда атрофида кенглик юзага келди, майдон ва хиёбонлар барпо этилди. Шаҳар тарихий қиёфа касб этди. Аждодлар меросига хос миллий руҳ тикланди. Бу эса шаҳарнинг бугунги кунда ўзига хос тарзда тарихий, миллий, замонавий асосда қайта қурилиши учун замин яратди.
— Қўқонда тарихий обидалар ва ёдгорликлар ниҳоятда кўп бўлган. XIX асрнинг охирларида шаҳар ва унинг атрофида 52 та мадраса, 120 дан ошиқ мактаб, 50 дан ортиқ масжид, 44 та карвонсарой, 20 та бозор, 10 дан зиёд банклар тарихий иншоотларда фаолият юритган. ХХ асрнинг 90-йилларига келиб шулардан 64 та тарихий ёдгорлик сақланиб қолган, — дейди қўқонлик ҳунарманд уста Нуриддин Усмонов. — Аммо уларнинг ҳам аҳволи оғир эди. Баъзи жойлари бузилган, бир қисми вайронага айланган, улардан собиқ шўролар даврида турли мақсадларда фойдаланилгани учун тарихий қиёфасини йўқотган, таъмирталаб эди. Шаҳардаги бунёдкорлик ишлари ана шу ёдгорликларни қайта тиклашдан бошланди. Ҳар бир ёдгорлик, обиданинг тарихий тархи ўрганиб чиқилди. Ана шунга мувофиқ равишда қайта қурилди, таъмирланди. Шаҳар мамлакатимизнинг сайёҳлик марказларидан бирига айланди.
Категория
Рак ЖКТ
Комментариев нет.